Мустақиллик шабадалари

Ниҳоят, 1989 йил июн ойида Ўзбекистонга Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбар бўлиши билан вазият ўзгарди. Мамлакат раҳбари ўтказган биринчи мажлисдаёқ халқнинг дилини ўртаб ётган масалани — «пахта иши», «ўзбек иши» масаласини кўтарди. Унга бутунлай бошқача — адолат нуқтаи назаридан қарашни талаб қилди.

Орадан кўп ўтмай республика раҳбариятининг халққа мурожаати эълон қилинди. Мурожаатда шундай сўзлар бор эди:«Ифтихор билан айтиш мумкинки, жаҳон халқлари олдида бўлганидек, Ватан олдида ҳам ўзбек халқининг юзи ёруғ, кўнгли покиза!» (“Меҳр ришталари узилмасин!» мурожаатномасидан).

Мамлакат раҳбариятининг бу мурожаати қадди букилган халқнинг дардига малҳам бўлди. Эртанги кунига ҳам, адолат деган нарсага ҳам ишончини йўқотаёзган одамлар қалбида умид уйғотди. Республика раҳбарининг топшириғи билан Ўзбекистон Олий судида махсус ҳайъат тузилиб, тажрибали ҳуқуқшунослар қирқ минг жилдли«жиноят иши»ни қайтадан синчиклаб ўрганиб чиқдилар. Шунда бир-биридан даҳшатли манзаралар аён бўлди. Гдлян бошчилигидаги каззоблар ўн минглаб одамларни, жумладан, тўрт ярим минг мутлақо бегуноҳ одамни ҳибсга олгани, улар узоқ йиллар ноҳақ азоб чеккани исботланди.

Олисдан келиб Ўзбекистон бошида қилич ўйнатганларнинг ҳашаги очилиб қолиши марказга ёқмаслиги табиий эди. Шу боисдан ўша пайтдаги СССР прокурори Трубин Тошкентга таҳдид тўла хат йўллаб, Ўзбекистон Олий судининг қарорини Иттифоқ қонунларига зид ҳиcоблаб, уни зудлик билан бекор қилиш, ҳайъатни тарқатиб юбориш ва Ўзбекистон Олий суди ходимларига нисбатан чора кўришни талаб қилади. Шунда Ислом Каримов ўша дағдағали «тарихий» хат тепасига «Архивга!» деб ёзиб қўяди!

 “Она битта, ватан ягона” асаридан