“Фарғона фожиаси”

Ислом Каримов ҳали совет коммунистик тизими ўз ҳукмронлигини ўтказиб турган 1989 йилни ёдга олади:

-Ўша йили май ойининг охири — июнь ойининг бошида бутун Ўзбекистонни, керак бўлса, Ўрта Осиёни портлатиб-ёндиришга олиб келиши мумкин бўлган, собиқ иттифоқни ларзага солган, “Фарғона фожиаси” деб ном олган машъум воқеаларни яна хаёлимизга келтирайлик. Айни ана шу кунларда нафақат Фарғона водийси, балки Тошкент, Сирдарё ва бошқа вилоятларнинг баъзи туманларида вазият ёниб турган бир пайтда мен республика раҳбари лавозимига келган эдим.

Ҳеч иккиланмасдан туриб айтиш мумкинки, мана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали кунларда тобора кучайиб, аланга олиб бораётган бу фожеанинг таг-томирига етиб бормасдан, асл сабабларини очиб, ошкор қилиб бермасдан туриб, бу ўта хавфли воқеаларни асло тўхтатиб бўлмас эди.

Ўша пайтларда бу воқеаларга гўёки бир тарелка қулупнай можароси сабаб бўлди, деган енгил-елпи гаплар тарқалгани, бизга қарши қанча-қанча уйдирмалар, туҳмат ва бўҳтонлар ёғилгани, ҳатто халқимизга миллатчи деб ном беришга уринишлар бўлганини кўпчилик ҳамон яхши эслайди. Ҳақиқатда эса, ўша вақтда республикамизга нисбатан мутлақо зўравонлик сиёсатининг олиб борилиши, халқимизни камситиш, унинг эҳтиёжларини менсимаслик, юртимизда, айниқса, аҳоли ғоят зич яшайдиган Фарғона водийсида пахта яккаҳокимлиги авжига чиқиб, иқтисодий вазият тобора кескинлашиб бораётган, одамлар ўзининг ижтимоий-иқтисодий аҳволидан норози бўлиб, сабр косасининг тўлиб тошгани бу воқеаларнинг асосий сабабчиси бўлган эди.

Катакдек бир ҳовлида тўртта-бешта оила яшаб туриши табиий бир ҳолга айланиб кетгани, одамларнинг арзу додини эшитадиган бир раҳбар топилмаганига қандай чидаш мумкин эди?

Бу масаланинг қатъий ечимини топиш учун бошқа чора-тадбирлар қаторида ўша йиллари 2,5 миллион оилага жами 400 минг гектар суғориладиган ер қўшимча томорқа сифатида берилгани, ҳеч шубҳасиз, қишлоқларимизда ижтимоий муаммоларни ечиш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишда улкан тарихий қадам бўлган эди.

Қиёслаш учун биргина мисол — совет ҳокимияти йилларида Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисига ҳаммаси бўлиб 300 минг гектарга яқин ер томорқа сифатида берилганини келтириш кифоя.

Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ислом Каримов ўз халқининг миллий истиқлол ҳақидаги асрий орзу-интилишини чуқур ҳис этган, сиёсий жараёнлар ривожини олдиндан кўра билган ҳолда, совет республикалари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Президентлик институтини жорий этиш ташаббуси билан чиқди. 1990 йил 24 март куни республика Олий Кенгаши Ислом Каримовни Ўзбекистон Президенти этиб сайлади. Бу, ҳеч шубҳасиз, юртимиз истиқлолини қўлга киритиш йўлида қўйилган улкан ва жасоратли бир қадам бўлганини бугун, орадан йиллар ўтиб барчамиз чуқур англамоқдамиз.