Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит…

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳаётлигида уларнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова ҳаммамизда ўта камтар, камсуқум, сипо аёл сифатида таассурот қолдирган эди. Аслида талатўп замонда мамлакатни озодлик томон бошлаб, юрт мустақиллигини чорак аср тинчликда ушлаб турган, шижоатли инсон билан ибратли умр кечириш аёлдан чексиз сабр-тоқат, ирода, ақл талаб қилиши табиий ҳол. Демак, Татьяна Акбаровнанинг зоҳири осойишта кўрингани билан унинг қалбида долғали, ҳеч кимникига ўхшамайдиган дунё борлиги аниқ.

– Менинг ота-онам дунёдаги барча тенгдошлари каби Иккинчи жаҳон урушининг инсоният бошига солган кулфатларига гувоҳ бўлган, урушдан кейинги тикланиш йилларининг оғирликларини ҳам ўз елкаларида кўтарган матонатли инсонлар бўлишган. Онам Вера Тихоновна Белоруссияда туғилиб, урушдан ке­йинги йилларда Хабаровск ўлкасига қариндошлариникига келиб яшаб қолган, кейинчалик ишга жойлашган. Отам Акбар Султонович Азизов ўша пайтдаги собиқ Иттифоқ йигитлари каби ҳарбий хизматга чақирилган ва тақдир уни онам яшаётган шаҳарга бошлаб келган. Ота-онам Хабаровск шаҳрида танишиб, бир-бирларига кўнгил қўйишган, вақти келиб оила қуришган.

Мен 1948 йилда Хабаровскда туғилганман. Болалигимдаёқ бир неча бор Ўзбекистонга келганман. 1952 йилда биз оиламиз билан бутунлай яшаш учун отамнинг Ватани – Фарғона вилояти Қувасой шаҳрига кўчиб келдик. Ота-онам киришимли, ёрдамга эҳтиёжи борларга дарров қўл чўзадиган, одамларга меҳр-оқибатли инсонлар бўлишган. Отам бир умр партия-хўжалик ишларида турли лавозимларда фаолият олиб борди. У киши ўз вазифасига ниҳоятда масъулият билан ёндашар, Қувасойни бутун борлиғи билан севар, қадрлар эди. Болалигим, ўсмирлигим ўтган бу қадрдон шаҳар менинг қалбимда ҳам ҳамиша беғубор, ширин хотиралар билан яшайди.

Мен 1966 йилда Самарқанд кооператив институтининг инженер-технология факультетига ўқишга кирганман. Бу довруқли шаҳарда менинг аммаваччам Хайринисо Султоновна истиқомат қиларди. Табиийки, мен унинг уйига талабалигимда тез-тез бориб турардим. Турмуш ўртоқлари Ибод Ғаниевични ҳам ниҳоятда мулоҳазали, оқибатли инсон бўлгани учун беҳад ҳурмат қилардим. Биз Ислом Абдуғаниевич билан илк бор уларнинг хонадонида янги – 1971 йилни кутиб олиш байрами арафасида учрашганмиз. Менга уни:
– Бу – Ибод Ғаниевичнинг укаси, – дея таништиришган. Биз биринчи учрашувда деярли сўзлашмаганмиз. Фақат Хайринисо опам мендан қайнукасининг қўлига сув тутишни илтимос қилган. У пайтларда эшикдан кирган меҳмонга офтобаю чилопчинда сув берилар эди. Бу гўзал одат ҳозир ҳам айрим вилоятларимизда сақланиб қолган ва мен бу одатни тиббиёт жиҳатдан ҳам, қадрият тарафдан ҳам юқори баҳолайман.
Шу-шу бўлди, биз аммаваччамнинг хонадонида бир неча бор тасодифан дуч келдик, гап-сўзларимиз ҳам оддий ҳол-аҳвол сўрашиш доирасида бўларди.

Биринчи жиддий учрашувимиз ҳозиргидек эсимда: 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафаси эди. Ёмғир ёғиб ўтгани учун ҳаво ниҳоятда мусаффо, менинг қалбимда ҳам табиатга монанд бир беғуборлик, сокинлик намоён эди. Ётоқхонада ўтирсам, кимдир мени ташқарида йўқлаётганини айтишди. Ҳеч кимни кутмаётган эдим. Ҳайрон бўлиб, ётоқхонадан чиқсам, ҳовлида Ислом Абдуғаниевич турибди. Ҳол-аҳволлашгандан сўнг мени шу яқин орадаги хиёбонга таклиф қилди. Танишлигим, ортиқча хавотирим йўқлиги учун таклифига рози бўлдим. Икковимиз хиёбонда ёнма-ён одимлаб, одатий мавзуларда – об-ҳаво, талабалик, имтиҳон, синовлар ҳақида суҳбатлашиб борар эдик. Бирдан кутилмаганда Ислом Абдуғаниевич тўхтаб:

– Менга турмушга чиқишга розимисан? – деб сўраб қолса бўладими?! Кўз олдимда хиёбон, дарахтлар чирпирак бўлиб айлана бошлади. Бошдан оёғимгача ҳаяжондан бошқа ҳеч нарсани сезмасдим. Ўша лаҳзаларда мени юрагим, ҳиссиётим, ҳаяжонларим бошқарар, ичимда бир товуш:
– Ҳа, де! – дея ундаётганга ўхшарди. Унча узоқ ва унча кўп бўлмаган учрашувлар қалбимга берган ишонч, меҳр-муҳаббат туйғуларига қулоқ солдим-да:

– Ҳа! – деб жавоб бердим.

Май ойида Ислом Абдуғаниевич Қувасойга – ота-онам ҳузурига менинг қўлимни сўрашга келди. Мен авваллари меҳрибонларимни ҳеч қачон бундай ташвишли, ҳаяжонли ҳолатда кўрмаганман. Улар менинг улғайиб қолганлигим, узатилишим кераклигини гўё энди сезишгандек, ҳам қувониб, ҳам ташвишланишар эди. Ота-онам бўлажак куёвларига аввал сал бегонасираб қарашди, ахир, ҳаммаси кутилмаганда рўй берди-да.

Бу ер Фарғона бўлса, Самарқанднинг боласи… Йўқ, кейинчалик Ислом Каримовнинг самимияти, ҳақиқий ўзбек йигитларига хос жўмардлиги, тантилиги уларнинг меҳрини уйғотди.

Тўйимиздан сўнг биз Тошкентда яшай бошладик. Икки хонали уйимиз бўлиб, бу уйни Ислом Абдуғаниевичга давлат план қўмитаси раиси ёрдамчиси лавозимида ишлаганида берилган эди. Топганимизни тежаб-тергаб, камтарона ҳаёт кечирар эдик. Ислом Абдуғаниевич рўзғордаги эркакбоп юмушларни ўзи бажаришни яхши кўрарди. Қурилиш, таъмирда ишлатишга керак бўладиган бир жомадон асбоб-ускуналаримиз бўларди. Уйимизни ўзимиз таъмирлаб, бўёқ ишларини ҳам ўзимиз бажарар эдик.
Ислом Абдуғаниевич спорт билан мунтазам шуғулланар, сузиш, чопиш, велосипедда сайр қилиш – севган машғулотлари эди. Фарзандларимиз, кейинчалик невараларимизнинг ҳам спорт машғулотларига катта эътибор берарди. Уларни сузишга, сувдан қўрқмасликка, югуришга, велосипедда учишга ўргатар эди. Қор, айниқса, биринчи ёғишидан завқланар эди. Болалар билан бирга оппоқ қор устидан биринчи изларни қолдириб қадамлаш у кишига бошқача сурур бағишларди. Кузда эса фарзандларимиз билан хиёбонлар, боғларга бориб, барглардан гербарий тўплар эдик. Мен бу гербарийларни ҳозиргача асраб юраман.
Ислом Абдуғаниевич мустақил Ўзбекистон Республикасининг илк Президенти бўлиб сайлангач, асосий вақтини шу масъулиятли вазифани адо этишга бағишлади. Уч-тўрттагина оилавий дўстларимиз бўлиб, улар билан ҳам фақат байрамлардагина учрашиш бахтига муяссар эдик. Менинг чекимга ҳамиша ўз устида ишлайдиган, тинимсиз олға интиладиган, ўз қобилиятини билим, тажриба билан мустаҳкамлаб борадиган инсонга садоқатли умр йўлдоши бўлиш вазифаси тушди. Мен ҳам шундай инсонга лойиқ бўлиш учун астойдил ҳаракат қилдим, бир жойда тўхтаб қолмадим, мунтазам равишда аёл, фуқаро сифатида ўзимни янгилаб бордим.

У киши садоқатли дўстлари, ўқитувчилари, устозларини ниҳоятда қадрларди. Улар орасида мактаб партасидан дўст бўлганлари ҳам бор эди. Улар билан дўстона суҳбатларда мен Ислом Абдуғаниевичнинг болаликданоқ ниҳоятда иродали, бир сўзли бўлганлигини билиб олганман. Чунки мактабга борганида рус тилини умуман билмас экан, лекин тиришқоқлиги боис, ўрта мактабни олтин медаль билан тугатган.
Бир синфдошидан шундай воқеани эшитганман. Кунларнинг бирида ўқувчилардан:
– Келажакда ким бўлишни орзу қиласиз? – дея сўрашганида Ислом Абдуғаниевич:
– Мен Амир Темурдек бўлишни хоҳлайман, – деган экан.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти қаттиққўл, айни чоғда ниҳоятда меҳрибон инсон эди. Юртимиз табиатини ниҳоятда яхши кўрар, узоқларга, довруқли юртларга бориб дам олишни хуш кўрмас эди. Фақат баъзан-баъзан ўзимизнинг Қайнарсойда бир-икки кун дам олардик. Табиат бағрига чиқса, ундан тўла баҳраманд бўлишга ҳаракат қиларди. Олча, гилос гуллаган пайтларини, лолалар, райҳонларни жуда яхши кўрарди. Менга то танишганимиздан бошлаб умри поёнигача гулдаста совға қилишни канда қилмаган.
Ўзи совға борасида роса танти эди. Уйимизга келган меҳмон бирор-бир сувенирни кўриб, “чиройли экан” деса, дарров ҳадя қилиб юбораверар эди.

Анъанамизга кўра, бир гал Самарқандга – ота-онамиз қабрини зиёрат қилгани бордик. Ҳазрати Хизр масжиди ёнидан ўтаётиб, ичкарига кирдик. Қуръон тиловат қилингач, масжид хизматчилари билан анча гаплашдилар. Ташқарига чиқиб, ёлғиз қолганимизда юзларида ғалати бир ифода сездим, менга муҳим бир гап айтмоқчидек туюлди. Юрагим увишди, юзланиб:
– Умрим поёнига етганда, мени шу ерга дафн қилинглар, – деди… Титраб кетганимни кўриб, бу мавзуда бошқа гапирмадилар… Биз нечоғлик истамасак ҳам, ўша кун келди. Ислом Каримовнинг васияти адо этилди. Бу табаррук маскан айни кунда халқимиз учун муқаддас зиёратгоҳлардан бирига айланди.

Биз – аёллар ҳар биримиз ўз оиламизнинг устунимиз. Шунинг учун соғлом, кучли бўлишимиз керак. Бу борада аёлларимизга сабр, куч-қувват тилайман. Ватанимиз гуллаб-яшнайверсин ва бундай юксалишда хотин-қизларимизнинг ҳиссаси тобора ортаверсин!

Мунаввара Усмонова