Тарихий ўхшашликлар

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишланади.

Каримовнинг мамлакат бошқарувига келишини, маълум маънода, Уинстон Черчиллнинг мамлакат учун ҳалокатли бўлган 1940 йилда Англия раҳбарлигига келиши билан қиёслаш мумкин. Черчилл ўша вақтда Англия парламентининг жамоалар палатасидаги маърузасида: “Мен сизларга қора меҳнат, кўз ёшлар ва тер тўкишни таклиф этишим мумкин. Олдимизда энг машаққатли синовлар, кўп ойлик кураш ва азоб-уқубатлар турибди. Сизлар мендан, мақсадимиз нима, деб сўрасангиз, мен бир сўз билан, ғалаба, деб жавоб беришим мумкин. Унга элтувчи йўл нечоғли оғир бўлмасин, биз ғалабасиз ҳалокатга маҳкуммиз. Мен айни шу вазиятда ва айни шу пайтда ҳаммамиз биргаликда олға борайлик, саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирайлик, деб даъват қилишга ўзимни ҳақли сезяпман”.

Ўйлашимча, Каримов ҳам 1989 йилнинг июнида: “Ўзбекистон йўқ бўлиб кетишини, бизнинг цивилизациямиз ҳалокатга юз тутишини, халқимизни асрлар давомида юксак мақсадлар сари бошлайдиган ички куч ғойиб бўлишини яққол кўз олдимизга келтириб кўрайлик”, — дейишга ҳақли эди.

Каримовнинг, шунингдек ягона мақсадимиз – ғалаба, давлатчилик, иқтисодиёт ва маданият пароканда бўлишининг олдини олиш маъносидаги ғалабадир, дейишга ҳаққи бор эди. Ниҳоят, унинг барча сиёсий кучларга мана шу буюк мақсадлар йўлида бирлашиш учун қўлини узатишга ҳаққи бор ва шунга мажбур ҳам эди. Каримов айнан шундай қилди ҳам. Ўша вақтда унинг узатган қўлини калтабин, жиззаки, иззатталаб сиёсатчилар сиқиб қўймаган бўлса, бу – унинг айби эмас.

Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Нега деганда, ҳаётимизни шундай релсга қўямизки, унинг ўз манзили бор. Бу манзил-эркинлик, озодлик ва барқарор яшаш — Ислом Каримов

Уинстон Черчилл – миллий тарихга ва миллий ғояга буюк садоқат, мамлакат  тақдири ҳаққи ҳурмати барча шахсий манфаатлардан воз кечиш намунасидир. Билишимча, инглизларнинг ўз миллий қаҳрамонларига ҳайкал қўйишга унчаям ҳуши йўқ. Шунинг учун ҳам Лондоннинг қоқ марказида Черчиллга ўрнатилган ҳайкал жуда қадрлидир.

Унда Черчилл ўзининг машҳур ҳассасини қўлида тутиб, бошини эгган кўйи тарихнинг халқи бошига ёғдирган даҳшатли бўронларига қарши қатъият билан олдинга кетиб бормоқда. Каримов ҳам келгусида авлодлар шундай ҳайкал қўйишига муносиб йўлбошчи. Бу ҳайкал ҳассасиз бўлиши ўз-ўзидан тушунарлидир. Муқояса мавзусига нуқта  қўйиш учун Карлайлнинг фикрини келтирмоқчиман. У менинг қўлёзмамни ўқиб кўриб: “Мен Черчиллни ҳурмат қиламан, лекин Каримовни ким биландир қиёслаш керак бўлса, мен уни Рузвельтга ўхшатган бўлардим”, — деган эди.

Леонид Левитиннинг  “Ўзбекистон тарихий бурилиш чорраҳасида” китобидан фойдаланилди