Ислом Каримовнинг маънавият ҳақидаги фикрлари (1990 йил, видео)

«Маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир.

Бу ёруғ оламда энг буюк жасорат нима, деган саволга, ҳеч иккиланмасдан, энг буюк жасорат – бу маънавий жасорат, деб жавоб берсак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз.

Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўэътибори, авваламбор фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий, информацион хуружларни назарда тутиш лозим, деб ўйлайман… Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бундай мафкуравий хуружлар миллий ва диний томирларимизга болта уришини, улардан бизни бутунлай узиб ташлашдек ёвуз мақсадларни кўзлашини, ўйлайманки, юртимизда яшайдиган соғлом фикрли ҳар бир одам яхши тушунади.

Маънавият турли халқлар, мамлакатлар, кишиларни қон-қариндош қилади, уларнинг тақдирини ўзаро ҳурмат асосида яқинлаштиради. Бизнинг маънавиятимиз асрлар давомида миллион-миллион кишилар тақдири билан шаклланган.

Халқимизнинг маънавий пойдевори – бўлажак давлатимизнинг таянчлари жуда қадимий ва мустаҳкам. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Бу улуғ миллат!»