Бугун, 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганига 35 йил тўлди. Уч ранг, қизил ҳошиялар, ярим ой ва ўн икки юлдуздан иборат миллий рамзимиз мустақилликнинг илк кунларидаёқ давлат суверенитетининг тимсолига айланди.
Бироқ унинг бугунги қиёфаси қандай шаклланган? Бу жараёнда Биринчи Президент Ислом Каримовнинг қандай иштироки бўлган?
Байроқни яратиш ишлари 1991 йилда мамлакат мустақилликка эришганидан сўнг бошланган. Танловга республика бўйлаб 200 дан ортиқ лойиҳа тақдим этилган. Уларни кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузилган.
Давлат байроғининг ғолиб деб топилган эскизи муаллифи, халқ рассоми, академик Анвар Мамажонов бу ҳақда 35 йил ўтиб ўз хотиралари билан ўртоқлашди. Унинг «Дарё» нашрига берган интервьюсида айтишича, дастлабки эскизларда ранглар вертикал жойлаштирилган, ўртада эса Самарқанд ёки Бухородаги меъморий обидалардан бири тасвирланган. Кейинчалик бу ғоядан воз кечилиб, ярим ой ва битта юлдуз акс этган вариант ишлаб чиқилган.
Байроқ лойиҳаси муҳокамасида Ислом Каримов ҳам иштирок этган. Рассомнинг хотирлашича, айнан Биринчи Президент таклифи билан битта юлдуз ўрнига ўн икки юлдуз тасвири киритилган. Қизил ранг борасида ҳам фикр алмашилган. Натижада оқ рангли майдоннинг юқори ва қуйи қисми ингичка қизил чизиқлар билан ажратилган.
Шу тариқа байроғимизнинг бугунги кўриниши шаклланган.

1991 йил 18 ноябрда Олий Кенгаш «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди. Ҳужжатни Ислом Каримов имзолади. Унда миллий байроғимиз давлат суверенитетининг рамзи экани ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилди.
Орадан кўп ўтмай, 1992 йил 2 март куни Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тўлақонли аъзо бўлди. Шу куни Нью-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳи олдида ҳам давлат байроғимиз кўтарилди.

Ислом Каримов учун бу манзаранинг алоҳида маъноси бор эди. Унинг байроқ ҳақидаги самимий эътирофларидан бири шундай: «БМТ биноси олдида ҳилпираб турган миллий байроғимизни ҳар гал кўрганда, кўзимга ёш келади. Шахсан мен учун энг чиройли байроқ — Ўзбекистон байроғи».
Байроғимизнинг халқаро майдондаги тарихини фақат дипломатик воқеалар билан ўлчаб бўлмайди. У спортчиларимиз ғалабалари, альпинистларимиз жасорати ва илмий изланишлар билан ҳам боғлиқ.
1994 йилда Лиллеҳаммерда ўтган Қишки Олимпия ўйинларида Лина Черязова фристайл бўйича олтин медални қўлга киритди. Бу Ўзбекистон ҳисобидаги илк Олимпия медали эди.
1998 йилда учувчи-космонавт Солижон Шарипов Ўзбекистон байроғини «Индевор» космик кемасида фазога олиб чиқди. Шу йилнинг 22 май куни альпинист Рустам Ражабов Эверест чўққисига кўтарилиб, у ерга давлат байроғимизни ўрнатди.
2000 йилда эса Сиднейда ўтган ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаев Ўзбекистон байроғини кўтариб чиқди. Кейинчалик у мусобақада ғолиб бўлиб, мамлакатимизга ёзги Олимпиададаги илк олтин медални тақдим этди.
Булар шунчаки спорт натижалари ёки саёҳат тафсилотлари эмас. Ҳар бир воқеада Ўзбекистон номи ва байроғининг жаҳонга намоён бўлиши мужассам.
Бугун ҳам миллий байроғимиз халқаро учрашувларда, нуфузли мусобақаларда, илм-фан ва маданият майдонларида мамлакатимиз номидан қад ростламоқда.
35 йиллик тарихга назар ташлар эканмиз, бир ҳақиқатни англаймиз: байроқ — шунчаки рангли мато эмас. У мустақилликнинг ҳуқуқий мақоми, халқнинг тарихий хотираси, бугуни ва келажакка ишончини ўзида мужассам этган миллий рамздир.
Тарихий хронология
1991 йил 11 февраль — Ўзбекистоннинг давлат рамзларини ишлаб чиқиш бўйича амалий тайёргарлик ишлари бошланди. Бу жараён байроқ, герб ва мадҳияни яратишни қамраб олди.
1991 йил июнь — Давлат байроғи ва герби лойиҳалари бўйича дастлабки танлов эълон қилинди. Мутахассислар билан бирга кенг жамоатчилик ҳам жараёнга жалб этилди. Таклифлар кейинчалик умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
1991 йил — Ислом Каримов танлов қатнашчилари таклифларини умумлаштиришда иштирок этиб, байроқдаги 12 юлдуз ғоясини таклиф қилган.
1991 йил 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги 407-XII-сонли Қонунни қабул қилди.
1992 йил 21 январь — Ислом Каримов Ўзбекистон номидан БМТ Низомидаги мажбуриятларни қабул қилиш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Ҳужжат шу куни БМТ Бош котибига тақдим этилган.
1992 йил 2 март — БМТ Бош Ассамблеясининг 46/226-сонли резолюцияси билан Ўзбекистон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб қабул қилинди. Шу куни Нью-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳи олдида Ўзбекистон байроғи кўтарилди.
1993 йил 26 октябрь — Ўзбекистон ЮНЕСКОга аъзо бўлди. Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхонаси эълон қилган маълумотга кўра, шу санадан бошлаб миллий байроғимиз Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлаган.
1994 йил февраль — Норвегиянинг Лиллеҳаммер шаҳрида ўтган XVII Қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон мустақил давлат сифатида ўз байроғи остида илк бор қатнашди.
1996 йил — Мустақил Ўзбекистон ёзги Олимпия ўйинларида биринчи марта қатнашди. Очилиш маросимида миллий байроғимиз жаҳон давлатлари байроқлари қаторида намойиш этилди.
1998 йил — Қирғизистонлик учувчи-космонавт Солижон Шарипов «Индевор» космик кемаси бортида Ўзбекистон байроғини фазога олиб чиқди.
1998 йил 22 май —Ўзбек альпинисти Рустам Ражабов Жомолунгма (Эверест) чўққисини забт этди ва у ерга давлат байроғимизни ўрнатди.
2019 йил 18 июль — Ўзбекистонлик Шароф Эгамбердиев Европанинг энг баланд нуқтаси — Эльбрус чўққисида давлат байроғимизни кўтарди.
2021 йил 1 июнь — Сергея Денисенко Эверест чўққисига кўтарилиб, у ерда Ўзбекистон байроғини кўтарди. Ушбу экспедиция мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган эди.
2023 йил 7 июль — Давлат байроғи тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди. Эндиликда байроқдан жамоат жойларида, уй-жой ва иш жойларида, транспорт воситалари салонида фойдаланиш, унинг тасвирини кийимларда акс эттириш учун қўшимча ҳуқуқий имкониятлар белгиланди.
2024 йил 10 октябрь — Қонунчиликка киритилган ўзгартиш билан давлат чегарасидан ўтиш пунктларида Ўзбекистон байроғини доимий равишда ўрнатиш назарда тутилди.