Ислом Каримов номидаги кутубхонада Ёдгорлик мажмуаси Васийлик кенгаши аъзоси Татьяна Каримова билан таниқли кинорежиссёр, оператор ва сценарийнавис Наби Раззоқов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувга сабаб — ижодкорнинг ўз шахсий архивида сақланаётган бадиий ва ҳужжатли китоблар, суратга олган фильмлари ҳамда уларга оид видео-материалларни кутубхонага тақдим этиш истаги бўлди.
Ушбу материаллар орасида режиссёрнинг 1990-йилларда суратга олган «Сўнгги қатағон» ҳужжатли фильми ҳам бор. Унда 1983–1989 йилларда Ўзбекистон ССРда «Пахта иши» ва «Ўзбеклар иши» доирасида кечган сиёсий жараёнлар, оммавий таъқиблар ҳамда бу воқеаларнинг кейинги босқичлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Наби Раззоқов, шунингдек, Туркистон мустақиллиги учун курашган тарихий шахсга бағишланган «Шермуҳаммад қўрбоши», Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек халқининг меҳрибонлиги ва инсонпарварлигини акс эттирган «Болаликнинг сўнгги ёзи» каби ҳужжатли фильмлар муаллифи ҳамдир.
Учрашув якунида Татьяна Каримова ижодкорга мажмуа томонидан нашр этилган, Биринчи Президент хотирасига бағишланган китобларни совға қилди.