Башариятнинг неча минг йиллик тараққиёт йўлига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар қайси халқ ва миллат тақдирида ҳал қилувчи паллаларда мустаҳкам ирода, улкан ақл-заковат ва салоҳиятга эга бўлган шахсларни тарихнинг ўзи майдонга чиқарганини кўрамиз. Айнан ана шундай буюк зотлар, уларнинг жасорати ва матонати, азму шижоати туфайли давлатлар ва халқлар не-не оғир ва мураккаб синовлардан ёруғ юз билан ўтиб, ўзининг эзгу мақсад-муддаоларига эришганига гувоҳ бўламиз.
Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримов замонамизнинг етук сиёсатчиси, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини теран ҳис этадиган атоқли раҳбар эканини ҳар томонлама тасдиқлади.
Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, турли зиддиятлар авж олган, мамлакатимизда миллатлар ва фуқаролар ўртасида уруш хавфи юзага келиб, иқтисодиёт оғир аҳволга тушиб қолган, мухтасар айтганда, эски тузумнинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевичнинг Ўзбекистон раҳбари этиб сайланиши Яратганнинг халқимизга бебаҳо марҳамати бўлган эди.
Буюк Юртбошимиз ана шундай ўта мураккаб шароитда республикамиздаги қалтис ва таҳликали вазиятни ўнглаш, ижтимоий адолатни тиклаш, одамлар кўнглида келажакка ишонч уйғотиш мақсадида мисли кўрилмаган ғайрат-шижоат билан оқилона сиёсат олиб борди. Ва том маънодаги бу тарихий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг кейинги тақдири ва тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.
Биринчи Президентимизнинг стратегик тафаккур салоҳияти, мардона ҳаракатлари туфайли қисқа вақт ичида юртимизда ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлашди. Одамларни йиллар давомида қийнаб келган ўткир ижтимоий муаммолар босқичма-босқич ҳал этилди. Энг муҳими, сунъий равишда авж олдирилган низо ва адоватларга барҳам беришга эришилди ва Ўзбекистон бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила бўлиб яшаётган тинчлик ва дўстлик диёрига айланди. Кўпни кўрган халқимиз айнан Ислом Абдуғаниевич раҳбарлигида ғоят мураккаб тарихий даврда мамлакатимиз мустақилликка эришганини, миллий давлатчилигимизни тиклаш ва дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш, ҳаётнинг барча соҳа ва тармоқларини ислоҳ қилиш борасида улкан ютуқларни қўлга киритганини, буларнинг барчаси эркин ва фаровон ҳаётимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётганини ҳеч қачон унутмайди.
ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ